ТОШКЕНТ, 26 июл — Sputnik. Ўзбекистонда, этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқарганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланиши кутилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати Sputnik мухбирига маълум қилди.
Қайд этилишича, депутатлар контрафакт ва истеъмолга яроқсиз товарларнинг муомаласига чек қўйишга қаратилган қонун лойиҳасини кўриб чиқишди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан инсон ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарларни ишлаб чиқарганлик ва муомалага киритганлик учун жазо чоралари янада кучайтирилиши таклиф этилмоқда.
Жумладан, инсон соғлиғи ва ҳаётига хавф солувчи товарларни ишлаб чиқариш ва сотганлик учун учун жазо чоралари кучайтирилмоқда.
“Бундан ташқари, этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқарганлик тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланмоқда”, - дейилади хабарда.
Санитария ва ветеринария қонунчилигини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жазо чораси оғирлаштирилмоқда.
Шунингдек, тадбиркорнинг товар брендидан ноқонуний фойдаланган ҳолда, маҳсулот ишлаб чиқариб, реализация қилганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилиб, тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган текширишлар тартиби аниқ белгилаб берилмоқда.