ТОШКЕНТ, 26 июл — Sputnik. Чет элда қийин вазиятларда қолган 523 нафар фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Бурҳонов маълум қилди.
Ташқи ишлар вазирлигининг 2023 йил ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисидаги маълумотга кўра, чет элда қийин вазиятларда қолган, масалан, одам савдоси қурбони бўлган, ёки ишсиз, боқувчисиз қолганлар ва бошқа мураккаб аҳволдаги 523 нафар фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди. Шунингдек, 113 нафари вақтинча сақлаш муассасаларидан олиб чиқилди.
“Паспорти иш берувчилар томонидан ноқонуний тарзда олиб қўйилган 133 нафар Ўзбекистон фуқаросига шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар қайтариб олиб берилди”, - дейилади хабарда.
Қайд этилишича, январь – июнь ойларида жисмоний ва юридик шахслардан умумий ҳисобда 60 528 та мурожаат келиб тушган. Улардан 18 259 таси вазирлик Консуллик-ҳуқуқий департаментига, 42 269 таси эса чет элдаги ваколатхоналарга келган.
Барча мурожаатлар кўриб чиқилиб, улар бўйича ўз вақтида тегишли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган.