ТОШКЕНТ, 24 июл — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 20 июлдаги қарори билан Янги Тошкент шаҳри барпо этиладиган ер майдонлари рўйхати белгиланди.
Қарорга кўра, янги шаҳар Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидаги 19 720,9 гектар ерда барпо этилади:
Юқори Чирчиқ туманидан Ўзбекистон, Дўстлик, Суранкент, Туркистон, Гулистон, Ийк ота, (Қибрай) Нурмуҳаммедов мавзелари;
Ўрта Чирчиқ туманидан Дўстлик, Охунбобев, Ким Пен Хва мавзелари ва Шоличилик институти ҳудудидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослашган ерлар ажратилади.
Қишлоқ хўжалиги ерлари ҳисобидан ажратилаётган ерларнинг 11 минг 478,4 гектари суғориладиган ҳисобланади. Қолган ерлар эса кўп йиллик дарахтзорлар (1 минг 169,1 гектар) ва яйлов ерлари (231,2 гектар).
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг ушбу қарорга мувофиқ тоифаси ўзгартирилгани учун қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликлари ўрнини қоплаш бўйича компенсация тўловлари ундирилмайди.
Янги Тошкент шаҳрини барпо этишга мўлжалланган ер участкаларидан уларда белгиланган тартибда давлат мулки сифатида рўйхатдан ўтказилганидан ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарар тўлиқ қопланганидан сўнг бошқа мақсадларда фойдаланилади.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 18 март куни Янги Тошкент шаҳри қурилишига тамал тоши қўйган эди. Уни Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида қуриш режалаштирилган. Янги Тошкент лойиҳаси доирасида 20 минг гектарда 1 миллион аҳоли яшаши учун қулай шароит яратилади ва шунга мос инфратузилма билан таъминланади. Давлат идоралари, Янги Ўзбекистон университети, Миллий кутубхонанинг янги бинолари, театр, ижод мактаблари, савдо ва сервис марказлари ҳам шу ерда жойлашади.