Ҳарбий мухбир Журавлёв ўлими учун Киев режими жавобгар – Песков

22 июль июль куни Украинанинг журналистлар гуруҳини кассетали ўқ-дорилар билан ўққа тутиши оқибатида РИА Новости журналисти Ротислав Журавлёв ҳалок бўлган эди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 июл — Sputnik. Махсус ҳарбий операция ҳудудидаги ҳарбий мухбирларни ўққа тутиш журналистларга қасддан ҳужум қилиш эди, бунинг учун жавобгарлик Киев режими зиммасида. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
Песков Украина Қуролли кучларининг журналистларга уюштирган ҳужумига муносабат билдирди ва бунинг оқибатида ҳалок бўлган РИА Новости ҳарбий мухбири Ротислав Журавлёв яқинларига ҳамдардлик билдирди. Ярадор бўлган журналистларга эса тезроқ тузалиб кетишларини тилади.

“Бу журналистларга қасддан қилинган ҳужум, табиийки, бунинг учун жавобгарлик Киев режими зиммасида”, - деди Кремль вакили.

Песков ҳар қандай инсон ўлими бу ҳамиша катта бир фожиа эканини таъкидлади.
“Ҳозир гап ўз вазифаларини бажараётган журналист ўлими ҳақида боряпти. Айнан Киев режими содир этган бу ҳодиса бутун дунёда жуда жиддий жиноят саналади”, - деди у.
“Биз РИА Новости жамоасига ҳам, мамлакатимизнинг бутун журналистика корпусига ҳам, Журавлёвнинг яқинларига ҳам чуқур ҳамдардлик билдирамиз”, - деди Россия президенти матбуот котиби.
22 июль куни Украина ҳарбийлари Запорожье вилоятида вазифаларини бажараётган россиялик журналистлар гуруҳини атайлаб ўққа тутди. Бунинг оқибатида РИА Новости журналисти Ротислав Журавлёв ҳалок бўлди. Бундан ташқари, агентликнинг яна бир мухбири Константин Михальчевский ва “Известия” нашри ходимлари Роман Польшаков и Дмитрий Шиковлар ярадор бўлишди.
Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Украина журналистлар гуруҳини кассетали ўқ-дорилар билан ўққа тутган. Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова Журавлёв ўлимида айбдорлар муқаррар жазоланишини маълум қилди. Киевга кассетали ўқ-дорилар етказиб берганлар ҳам жавобгарликка шерик бўлишади.