Ёш фарзандлиларга масофавий таълим олиш имконияти яратилади

Янги ўқув йилидан қатор соҳалардаги касб ва мутахассисликларда ўқиш истагида бўлган хотин-қизлар тўлиқ давлат гранти асосида таълим олади .
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 июл — Sputnik. Ўзбекистонда 3 ёшгача фарзанди бўлган коллеж ва техникумлар ўқувчи-қизларига масофавий ўқиш имконияти яратилади. Тегишли ҳуқумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.
Ҳужжат кўра, 2023/2024-ўқув йилидан бошлаб коллеж ва техникумларда қурилиш, транспорт, коммунал, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги касб ва мутахассисликларда ўқийдиган 3 ёшгача фарзанди бўлган ўқувчи-қизларга, уларнинг мурожаати асосида масофавий таълим олиш имконияти яратилади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги масофавий таълим олиш имконияти яратиладиган касб ва мутахассисликлар рўйхатини тасдиқлайди. Бунга бир ой муддат берилади.
Шунингдек, 2023/2024-ўқув йилидан бошлаб қурилиш, транспорт, коммунал, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги касб ва мутахассисликларда ўқиш истагида бўлган хотин-қизлар тўлиқ давлат гранти асосида таълим олади ҳамда уларнинг харажатлари тўлиқ давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.