“Ўзбекистон-Тожикистон” чегара савдо зонасини ташкил этиш ишлари бошланди

Абдулла Арипов тожикистонлик ҳамкасби билан олий даражада эришилган келишувларнинг ижро ҳолати атрофлича таҳлил қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 июл — Sputnik. Душанбе шаҳрида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукумати делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода бошчилигида ўтган йиғилишда олий даражада эришилган келишувларнинг ижро ҳолати атрофлича таҳлил қилинди.
Қайд этилишича, Тожикистон Ўзбекистоннинг яқин қўшниси, вақт синовидан ўтган дўсти, ишончли стратегик ҳамкори ва иттифоқчиси ҳисобланади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ўртасида ўрнатилган дўстона ва ишончли муносабатлар ривожланишнинг мутлақо янги динамикасига эга бўлган икки томонлама алоқаларни чуқурлаштириш учун мустаҳкам пойдевор бўлмоқда.
Таъкидланишича, давлатлар раҳбарлари икки мамлакат ҳукуматлари олдига кун тартибини янги лойиҳалар билан тўлдириш вазифасини қўйган.
Томонлар мазкур вазифага биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан эришиш мумкинлигини қайд этди. Ўзаро савдо кўрсаткичлари ўсиб бормоқда. Давлатлар раҳбарлари келгусида унинг ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ вазифа қўйган.

“Учрашувда маълум қилинишича, “Ойбек” – “Фотехобод” ўтказиш пунктларида “Ўзбекистон – Тожикистон” халқаро чегара савдо зонасини ташкил этиш бўйича амалий ишлар бошланган”, - дейилган хабарда.

Шунингдек, делегациялар саноат кооперациясини кенгайтириш, қишлоқ ва сув хўжалиги, энергетика соҳаларида ўзаро манфаатли алоқаларни янада ривожлантириш, транспорт ва логистика масалаларидаги ҳамкорликни изчил чуқурлаштириш муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.
Учрашув якунида делегациялар раҳбарлари тегишли баённомани имзолади.
Аввалроқ Абдулла Арипов Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан учрашгани хабар қилинган эди.