ТОШКЕНТ, 22 июл — Sputnik. РИА Новости ҳарбий мухбири Ростислав Журавлёв Украинанинг махсус операция зонасида ўққа тутилиши чоғида ҳалок бўлди, деб ёзади РИА Новости.
“Бугун РИА Новости мухбири Ростислав Журавлёв Запорожье вилоятининг Василевка шаҳридан Владимировка қишлоғига кетаётган фуқаролик автомобилининг ўққа тутилиши натижасида ҳалок бўлди”, — дейилади хабарда.
Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Украина Қуролли кучлари журналистлар гуруҳига кассетали ўқлар билан ҳужум қилган. Оммавий ахборот воситаларининг 4 нафар ходими турли даражадаги тан жароҳатлари олди, улар тезда дала тиббиёт муассасаларига етказилди.
“Эвакуация пайтида РИА Новости ахборот агентлиги журналисти Ростислав Журавлёв кассетали ўқ-дориларнинг портлаши натижасида олинган жароҳатлардан вафот этди”, — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, РИА Новости фотомухбири Константин Михалчевский жароҳат олган.
“У касалхонага ётқизилган ва ҳозир Василевкадан Мелитополга олиб кетилмоқда, агар вазият тақазо этса, Қримга даволаниш учун юборилади”, - деди яриморол раҳбари маслаҳатчиси Олег Крючков.
Фожиа Пятихатки қишлоғи яқинида содир бўлган. Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, РИА Новости ва “Известия” журналистлари Украина Қуролли кучлари Запорожье вилоятидаги аҳоли пунктларини кассетали ўқлардан ўққа тутгани ҳақида материаллар тайёрлаган.