ТОШКЕНТ, 22 июл — Sputnik. Қашқадарё вилоятининг Касби туманидаги далаларда тупроқ юзасини лазер билан текислаш усулидан фойдаланилмоқда, дея хабар берди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.
Қайд этилишича, бу усул ҳосилдорликни ошириш, далада сувни бир текис тақсимлаш ва экинларнинг вегетация даврини тўлиқ назорат қилишда муҳим аҳамиятга эга.
“Лазерли текисланган ер сатҳ билан бир хил кўринишда бўлади. Ушбу техниканинг афзаллиги шундаки, энг аввало, контурлар яхлитланади. Кичик ҳажмли контурлар умумий битта йирик контурга айлантирилади. Бундан ташқари, майдонни суғоришда эллик фоизгача сув тежалади”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, майдонни суғоришда 50 фоизгача сув тежалади. Яъни авваллари битта майдонга бир нечта катта ўқариқлар олинган ва ҳар бири учун кўп сувсарфланган бўлса энди бунга ҳожат йўқ. Шунингдек, майдонни суғоришда кўп ишчи кучи талаб қилинган.
Айтилишича, ҳозирда бу яхлит контурли майдон бўлганлиги ҳисобига битта суғоришда бутун майдонга сувни тараш мумкин. Бу орқали ишчи кучи ва сув сарфи тежалади.
Шу билан бирга қишлоқ хўжалиги техникаларининг иш унумдорлиги ортади. Лазерли текислаш ёрдамида кунига 40 гектаргача ерни текислаш амалга оширилади.