ТОШКЕНТ, 21 июл — Sputnik. 20 июль куни президентнинг “Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида давлат муассасаси шаклида Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси ташкил этилади.
Шунга кўра, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг ўринбосари – Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси директори лавозими жорий этилади.
Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш, шу жумладан, кўп квартирали уйлар, ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини қуриш учун ер участкалари Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг қарорига мувофиқ “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали аукцион савдоларида сотилади ёки ижарага берилади.
Қарорга мувофиқ, 2027 йил 1 январгача Дирекция, инвесторлар, бош лойиҳа ва бош пудрат ташкилотлари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, четдан олиб келинадиган қурилиш техникаси, асбоб-ускуна, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар учун божхона божи тўлашдан озод қилинади.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 18 март куни Янги Тошкент шаҳри қурилишига тамал тоши қўйган эди. Уни Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида қуриш режалаштирилган. Янги Тошкент лойиҳаси доирасида 20 минг гектарда 1 миллион аҳоли яшаши учун қулай шароит яратилади ва шунга мос инфратузилма билан таъминланади. Давлат идоралари, Янги Ўзбекистон университети, Миллий кутубхонанинг янги бинолари, театр, ижод мактаблари, савдо ва сервис марказлари ҳам шу ерда жойлашади.
Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш мақсадида Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидан жами 19729,4 гектар ер майдони ажратилмоқда.