ТОШКЕНТ, 20 июл — Sputnik. Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонида ўтказилган самитда “Кўрфаз – Марказий Осиё” ягона визасиз сайёҳлик маконини яратишни таклиф қилди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Ўзбекистон президенти саммитдаги нутқида сайёҳлар ва сайёҳлик операторлари учун қулай шароитлар яратиш бўйича қатор таклифларни илгари сурди.
Таклифлар:
“Кўрфаз – Марказий Осиё” ягона визасиз сайёҳлик маконини яратиш;
Туристлар учун мўлжалланган замонавий кластерларни яратиш;
Қўшма туристик маҳсулотларни кўпайтириш.
Шунингдек, 2024 йилда Ислом дунёси туризм пойтахти, деб эълон қилинган Хива шаҳрида минтақалар етакчи сайёҳлик операторлари форумини ўтказиш таклиф қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 19 июль куни Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши етакчиларининг биринчи саммитида иштирок этди. Саммитда Мирзиёев Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар билан кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қатор таклифларни илгари сурди.