ТОШКЕНТ, 18 июл — Sputnik. Бишкекда МДҲ, Болтиқбўйи ва Грузия мамлакатлари XI қисқа метражли фильмлар халқаро кинофестивали бўлиб ўтади. Бу ҳақдаМДҲ Ижроия қўмитаси хабар берди.
2023 йилда кинофестиваль Чингиз Айтматов таваллудининг 95 йиллигига бағишланади.
Кинофорум иккита дастурни ўз ичига олади: халқаро ва миллий, ҳужжатли, анимацион ва экспериментал фильмлар каби жанрлар.
Фестиваль ҳакамлар ҳайъатига Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Грузия, Қозоғистон, Россия ва Ўзбекистон кинематографларидан 600 дан ортиқ аризалар келиб тушган. Фильмлар МДҲ, Болтиқбўйи ва Грузиянинг таниқли киноижодкорлари томонидан баҳоланади.
Маълумот учун, мазкур кинофестивалга 2010 йилда жамоат арбоби, режиссёр, продюсер, Жогорку Кенеш депутати Содиқ Шер-Ниёз асос солган. Фестиваль ўз фаолияти давомида янги ижодий ютуқларни намойиш этиш, ўзаро фикр ва тажриба алмашиш, Ҳамдўстлик мамлакатлари киноижодкорларининг имкониятлари ва қўшма лойиҳаларини муҳокама қилиш учун муҳим майдонга айланди.
Тадбир МДҲга аъзо давлатларнинг гуманитар ҳамкорлик бўйича Давлатлараро жамғармаси, Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлигининг Кинематография бошқармаси, Қирғизистоннинг “Маданий ҳамкорлик фонди” ва “ Айтыш фонди” жамоат ташкилотлари кўмагида ўтказилмоқда.