ТОШКЕНТ, 17 июл — Sputnik. Бугун тунги соат 3 лар атрофида Қрим кўпригига иккита учувчисиз аппарат ҳужум қилди. Ҳужум оқибатида кўприкнинг бир қисми шикастланган ва айни дамда унда автомобил ҳаракати тўхтатилган.
Қрим раҳбари Аксёновнинг маълум қилишига кўра, Қрим кўпригининг 145-устуни яқинидаги бўлаги шикастланган. "Қрим 24" телеканали тарқатган видеолавҳаларга кўра, кўприкнинг бир қисми чўккан.
Россия Транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, кўприк устунларига шикаст етмаган, шунингдек, кўприкнинг темирйўл қисмига ҳам зарар етмаган. Айни дамда ундан поездлар ҳаракати қайта тикланган. Ҳайдовчиларга янги ҳудудлар орқали айланма йўлни босиб ўтиш тавсия этилади. Паром хизмати ишламоқда.
Россия Тергов қўмитаси ушбу ҳодисани теракт деб баҳолади. Ҳодиса оқибатида Белгород вилоятидан бўлган бир эркак ва бир аёл ҳалок бўлди, уларнинг қизи эса ўртача оғирликдаги тан жароҳати олган.
Ҳолат юзасидан “Террорчилик ҳаракати” моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Россия Федерацияси Тергов қўмитаси "Украина махсус хизматлари ва қуролли тузилмалари орасидан" ташкилотчилар ва ижрочиларни аниқлайди. Айни дамда мутахассислар портлаш содир бўлган жойда ашёвий далилларни тўпламоқда.
Украина махсус хизмати Қрим кўпригига ҳужум уюштирилганини деярли тан олди. Украина Олий Радаси эса бу ишни уюштирганларга давлат мукофотини беришни таклиф қилди.
Эслатиб ўтамиз, бу Қрим кўпригига уюштирилган иккинчи ҳужум бўлади. Ўтган йилнинг октябрь ойида Украина махсус хизматлари кўприкда портлаш уюштирган эди. Ўшанда кўприкнинг устунлар орасида жойлашган иккита бўлаги қулаб тушган ва тўрт нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган эди. Бу сафар бир бўлаги синган.