ТОШКЕНТ, 17 июл — Sputnik. Ғалла бўйича Қора денгиз ташаббуси ёки "дон битими" тўхтатилди, деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков. РИА Новости хабарига асосан.
“Қора денгиз келишувлари бугун ўз кучини тўхтатади. Россия президенти аввал айтганидек, охирги муддат 17 июль. Афсуски, Қора денгиз келишувларининг Россияга тааллуқли қисми ҳозиргача бажарилмади. Энди унинг амал қилиши тугатилди ", - деди Кремль вакили.
Песковнинг айтишига кўра, "дон битими"нинг Россияга тегишли қисми бажарилиши биланоқ, Москва дарҳол "ушбу келишувни янгилаши мумкин".
Россия ТИВ махсус вакили Мария Захарованинг маълум қилишича, Россия Туркия, Украина ва БМТни "дон битими"ни узайтирмаслиги ҳақида расман хабардор қилган.
Владимир Путин ўтган шанба куни Жанубий Африка президенти Кирил Рамафоса билан бўлиб ўтган суҳбатда "дон битими"нинг ажралмас қисми бўлган, Россия озиқ-овқатлари ва ўғитларини экспорт қилиш бўйича тўсиқлар олиб ташланмаганини ҳамда ғалла бўйича келишувнинг асосий мақсади - ғаллани эҳтиёжманд мамлакатларга етказиб бериш амалга ошмай қолганини таъкидлаган эди.
Маълумот учун, 2022 йил 22 июлда Россия, Туркия, Украина ва БМТ вакиллари томонидан имзоланган Қора денгиз ташаббуси Украина ғалласини, озиқ-овқат ва ўғитларини Қора денгиз орқали экспорт қилишни назарда тутган эди.
Бу пакет битимининг бир қисми эди. Иккинчи қисм, уч йиллик Россия-БМТ меморандуми, Россия озиқ-овқат ва ўғит экспортини блокировка қилишни, "Россельхозбанк"ни SWIFT тизимига қайта улашни, қишлоқ хўжалиги техникаси ва эҳтиёт қисмларини етказиб беришни қайта тиклашни, Тольятти-Одесса аммиак қувури фаолиятини қайта тиклашни назарда тутган эди. Лекин кейинчалик шартноманинг Россияга тегишли қисми нафақат бажарилмай қолди, балким аммиак қувурининг Украина ҳудудидан ўтган қисми портлатиб юборилди.