Ўзбекистонда атмосфера ифлосланишини мониторинг қилиш учун кичик станциялар ўрнатилади

Шу йилнинг 1 декабрига қадар 347 та автоматлашган кичик станция ўрнатилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 июл — Sputnik. Ўзбекистонда атмосфера ифлосланишини мониторинг қилиш учун 347 та автоматлашган кичик станция ўрнатилади. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Шу йилнинг 1 декабрига қадар мамлакатдаги туман ва шаҳарларда атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторингини амалга ошириш учун 347 та автоматлашган кичик станция ўрнатилади.
Улар Экология вазирлиги томонидан тасдиқланган техник талаблар ва ҳудудларга жойлаштириш хариталари асосида Гидрометеорология хизмати агентлиги томонидан ўрнатилади.
Шунингдек, кичик станцияларни жойлаштиришда туман ва шаҳарларнинг географик жойлашуви, иқлимий кўрсаткичлари ҳамда саноатлашуви инобатга олинади.
Айтилишича, 2024 йил 1 январдан Қорақалпоғистон республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудида ўрнатиладиган автоматлашган кичик станциялар маълумотлари ягона геоахборот маълумотлар базасига интеграция қилинади ва расмий веб-сайтларда реал вақт режимида мунтазам янгилаб борилади.