ТОШКЕНТ, 13 июл — Sputnik. Самарқандда дайди итлар ҳужумига учраган 10 ёшли бола пластик операция қилинади. Бу ҳақда Sputnik мухбирига вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси (ССБ) матбуот котиби Элдор Муҳаммадиев маълум қилди.
Воқеа 8 июль куни Самарқанд шаҳридаги Ёшлар маҳалласида содир бўлган эди. Спорт тўгарагига кетаётган Сайқал маҳалласи Деҳқон кўчасида яшовчи 10 ёшли Наврўз Мамасаидовга итлар ҳужум қилган. Буни кўриб қолган такси ҳайдовчиси болани итлар ҳужумидан қутқариб қолган.
Вилоят ССБнинг хабар беришича, ҳодисадан сўнг бола дарҳол Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалига ( РШТЁИМСФ) олиб борилган ва унга биринчи ёрдам кўрсатилган.
“Шифокорларнинг маълумотларига кўра, бола ҳозир Самарқанд давлат тиббиёт университетининг 2-сон клиникасининг болалар хирургияси бўлимига ётқизилган. Боланинг оёқ соҳасида пластик операция ўтказилади”, - дейди Муҳаммадиев.
Самарқанд вилояти ИИБ матбуот котибининг маълум қилишича, ҳозир болага ҳужум қилган итлар ушланган ва карантинга жойлаштирилган.