ТОШКЕНТ, 13 июл — Sputnik. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Қатар элчиси Ҳасан Ҳамза Ҳошим билан учрашди. Бу ҳақда Саидов Telegram каналида хабар берди.
“Қатар элчиси Ҳасан Ҳамза Ҳошим жаноблари билан самимий суҳбатлашдик”, - деб ёзади Саидов.
Таъкидланишича, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний томонидан эришилган муҳим келишувларни ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, икки томонлама муносабатлар кун тартибидаги кўплаб долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Қатар амири 5-6 июнь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлди. Ташриф давомида савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган 15 та ҳужжат имзоланди.