Хитойлик тадбиркорлар Тошкент иқтисодиётига сармоя киритмоқчи

Тошкент ҳокимлиги хитойлик тадбиркорларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 июл — Sputnik. Хитойлик тадбиркорлар Тошкент иқтисодиётига сармоя киритишдан манфаатдор, дея хабар берди пойтахт ҳокимлиги.
Шаҳар ҳокими ўринбосари Шароф Раҳманов Шихэцзи шаҳар Халқ конгресси доимий комиссияси директори Э Хонгда бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Учрашувда меҳмонларга мамлакатдаги қулай сармоявий муҳит, хизмат кўрсатиш, саноат, бизнес, ижтимоий ривожланиш ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари айтиб ўтилди. Шунингдек, амалга оширилиши кутилаётган йирик истиқболли сармоявий лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берилди.

“Делегация таркибидаги компаниялар, уларнинг фаолият соҳаси ҳақида маълумот бериб, пойтахтимиз билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиш ва шаҳримиз иқтисодиётига сармоя киритишдан манфаатдор эканини билдирди”, - дейилади хабарда.

Айтилишича, шаҳар ҳокимлиги хитойлик тадбиркорларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлайди. Ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга ҳар томонлама ёрдам беради.