ТОШКЕНТ, 12 июл — Sputnik. Ўзбекистонга Россиядан музқаймоқ импорти яна оширилди, дея хабар берди Статистика агентлиги.
Қайд этилишича, шу йилнинг январь-май ойларида Ўзбекистон 8 та хорижий давлатдан қиймати 3,5 млн долларга тенг бўлган музқаймоқ ва музқаймоқ маҳсулотларини импорт қилган.
Музқаймоқ ва музқаймоқ маҳсулотлари импорти ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 158 тоннага ошган.
Ўзбекистонга 5 ойда импорт қилинган музқаймоқ ва музқаймоқ маҳсулотларинининг энг катта улушига Россияга (458 тонна) тўғри келмоқда.
Шунингдек, Қозоғистондан 164 тонна, Беларусдан 36 тонна, Қирғизистондан 33 тонна, Эстониядан 27 тонна, Литвадан 8,6 тонна ва Франциядан 7,4 тонна музқаймоқ ва музқаймоқ маҳсулотлари импорт қилинган.
Маълумот учун, музқаймоқ ичидаги муз парчалари (кристаллари) ширинлик қайта музлатилганидан далолат беради – эҳтимол, маҳсулот яроқсиз бўлиб қолган. Музқаймоқ номи унинг ёғлик даражасини билдириши керак. Сутли музқаймоқда унинг даражаси 7,5 фоиздан кўп эмас, қаймоқли ширинликда 8 фоиздан 11,5 фоизгача, пломбирда эса 20 фоиз бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 4 ойида Ўзбекистонга энг кўп Россиядан (330 тонна) музқаймоқ ва музқаймоқ маҳсулотлари импорт қилинган.