ТОШКЕНТ, 12 июл — Sputnik. Тошкент шаҳри Миробод туманида жойлашган янги қурилаётган бинода ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, кеча тунда соат 22:29 да Тошкент шаҳар Миробод тумани Авлиё ота кўчасида жойлашган янги қурилаётган 14-қаватли бинонинг 14-қаватидаги лифт шахтасида қуриган тахталар ёнган.
Шунга кўра 4 та ёнғин-қутқарув экипажи ва 2 та автонарвон соат 22:35 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 22:54 да ўраб олинган ва соат 23:06 да ёнғин бартараф этилган.
“Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар тўғрисида маълумот келиб тушмади”, - дейилади хабарда.
Ҳодиса оқибатида 15 кв.м майдон ёниб зарарланган.