Кана чақиши оқибатида юқадиган касаллик Ўзбекистонга ҳам кириб келдими — тафсилотлар

Қозоғистонда Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги оқибатида ўлим ҳолати кузатилди. Санэпидқўмита Ўзбекистонда вазият қандай эканлигига изоҳ берди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 июл — Sputnik. Ўзбекистонга карантин ва ўта хавфли юқумли касалликларни чет давлатлардан кириб келиши ва аҳоли ўртасида тарқалиб кетишига йўл қўйилмади. Бу ҳақда Санэпидқўмита хабар берди.
Қозоғистоннинг Қизилўрда вилояти Жанакўрғон туманида 77 ёшли, Шиели туманида 51 ёшли фуқаролар оғир ҳолатда Қрим-Конго геморрагик иситма (ҚКГИ) касаллиги белгилари билан шифохонага олиб келинган. Беморлар реанимация бўлимида вафот этган.
Ўзбекистон бўйича бугунги кунда касалликларни четдан кириб келишини олдини олиш мақсадида давлат чегараларини кесишиш жойларида, ҳалқаро аэропортларда, темир йўл вокзалларида ва Термиз дарё портида ташкил этилган 51 та санитария – карантин пункти (СКП) фаолият олиб бормоқда.
ҚКГИ қўзғатувчилари билан зарарланган каналар мавжуд ҳудудларни аниқлаш ва каналарда зарарланиш даражасини ўрганиш мақсадида ветеринария хизмати билан ҳамкорликда табиий ўчоқли ҳудудлардан 1 000 донадан кана йиғиб олиниб, Вирусология ИТИ лабораториясида таҳлилдан ўтказилиб, ҚКГИ касаллигининг келгуси йил учун башорати, маъмурий ҳудудлар кесимида тайёрланди.

“Қорақалпоғистон республикаси, Навоий, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги тегишли муассасаларда Қрим-Конго геморрагик иситмаси билан касалланиб тузалганларнинг (донорларнинг) 14 литр қон плазмаси захираси яратилди. Бу эса Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги аниқланганда, касалликнинг оғир асоратларини олдини олишга замин яратади”, - дейилади хабарда.

Аҳоли ўртасида, айниқса ҚКГИ касаллиги бўйича табиий ўчоқли ҳудудлар аҳолиси ўртасида ҚКГИ касаллигининг олдини олиш бўйича кенг қамровли санитария-тарғибот ишлари олиб борилмоқда. 2023 йил март ойида Фавқулотда вазиятлар вазирлиги билан ҳамкорликда 14 та маъмурий ҳудудда махсус-тактик ўқув машғулотлари ўтказилди.
Маълумот учун, ҚКГИ – арбовирус қўзғатадиган, иситмалаш, геморрагик аломатлар билан кечадиган, табиий шароитда трансмиссив йўл билан юқадиган, табиий ўчоқли ўта хавфли юқумли касалликдир. Касаллик одамларга кана чақиши оқибатида юқади. ҚКГИ касаллиги спорадик тарзда тарқалади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ўзбекистонда Қрим-Конго иситмасидан тузалганларнинг қон плазмаси банки яратилиши маълум қилинганди. Президент имзолаган ҳужжатда, донорларнинг қон плазмаси банклари Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги тегишли муассасаларда ташкил қилиниши белгиланган.