ТОШКЕНТ, 12 июл — Sputnik. Бугундан “Uzbekistan GTL” заводида ишлаб чиқарилаётган дизел нархи арзонлаштирилди. Бу ҳақда "Ўзбекнефтгаз" хабар берди.
Қайд этилишича, бугундан бошлаб Республика товар-хом ашё биржаси орқали сотувга қўйиладиган синтетик дизель ёқилғиси бир тоннасининг бошланғич нархи 10 116 972 сўмдан 9 499 953,08 сўмгача арзонлаштирилди.
"12 июндан бошлаб, Uzbekistan GTL заводи қувватларининг босқичма-босқич ишга туширилиши, ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши ҳамда истеъмолчиларни сифатли ва экологик тоза дизель ёқилғиси билан таъминлаш мақсадида арзонлаштирилди", - дейилади хабарда.
Шу билан бирга, “Ўзбекнефтгаз” ярим синтетик дизель ёқилғисининг нархи бир тонна учун 13 488 974 сўмдан 11 673 687 сўмгача пасайтирилади.
"GTL" дизел ёқилғиси “Евро-6” стандартининг Европа сифат даражасига жавоб берадиган замонавий ва юқори сифатли ёқилғидир.
"GTL" дизели “Yevro-4” ва ундан юқори стандарт ёнилғида ишлайдиган енгил автомобиллар ва юк машиналари, шунингдек, маҳаллий ва хорижда ишлаб чиқарилган катта габаритли ва махсус дизел ёнилғили транспорт воситалари учун идеал тарзда мос келади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили "Uzbekistan GTL" заводида илк синтетик дизель ишлаб чиқариш бошланган эди. 29 август куни синтетик дизелнинг бошланғич нархи 15 млн 550 минг 500 сўмдан 14 млн 504 минг 378 сўмгача камайтирилган.
Шу йилнинг май ойида Шавкат Мирзиёв мутасаддилар олдига бензин ва дизель захирасини шакллантириш вазифаси қўйган эди.