ТОШКЕНТ, 11 июл — Sputnik. Навоийда қизил китобга киритилган жайронларни ўлдирган шахс табиатга 33 млн сўм миқдорида зарар етказди. Бу ҳақда Экология, втроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Навоий вилояти Экология бошқармаси ходимлари вилоят ИИБ ЙҲХБ ҳамда Экопатрул ходимлари билан ҳамкорликда назорат рейд тадбирини ўтказишди.
Тадбир давомида Навбаҳор тумани ҳудудида фуқаро Қ.Ш. бошқарувидаги “Нива” русумли автомашина текширилди.
“Машина юкхонасида 2 дона отилган Ўзбекистон Қизил китобига киритилган она-бола жайрон борлиги аниқланди”, дейилади хабарда.
Текширув-суриштирув ишлари давомида жайронлар Самарқанд вилояти, Нарпай тумани, Болтали қишлоғида яшовчи фуқаролар Қ.Ш ва Қ.Ф. ларга тегишли ов қуроллари ёрдамида ноқонуний овлангани маълум бўлди.
Айтилишича, ҳолат юзасидан тегишли далолатномалар тузилиб, табиатга 33 млн сўм зарар етказилганлиги аниқланди.
Шунингдек, Қ. Ш. бошқарувидаги автомашина жарима майдончасига қўйилди ва ов қуроллари сақлаш учун Навоий вилоят ИИБ га юборилди.
Ҳозирда прокуратурага юбориш учун керакли ҳужжатлар тўпланмоқда.