ТОШКЕНТ, 11 июл — Sputnik. Жорий йилнинг 7 июль куни Тошкент тумани ҳудуди, “Ғишт кўприк” божхона пости олдида эркак ҳеч бир сабабсиз йўл ёқасидан ҳаракатланиб кетаётган фуқаронинг қорин қисмига ёнида бўлган пичоқ билан тўсатдан зарба бериб, тан жароҳати етказган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби хабар берди.
Таъкидланишича, Сирдарё вилоятида яшовчи 1965 йилда туғилган фуқаро Ш.Э. ўзига бегона бўлган 40 ёшли фуқарога тан жароҳати етказган.
Воқеа содир бўлган заҳоти ҳудудда хизмат олиб бораётган Тошкент вилояти ИИББ ППХ ходимлари ушбу шахсни атрофдаги бошқа фуқароларга ҳам шикаст етказишини олдини олиш мақсадида махсус резина таёғини ишлатиб, уни қўлга олиб, зарарсизлантирган. Жароҳатланган фуқаро ходимлар томонидан тезлик билан шифохонага олиб борилган.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон ЖКнинг 104-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Гумонланувчи фуқаронинг руҳий ҳолати юзасидан психологик экспертиза тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятидаги Саид Аҳмад Ҳожи жоме масжидида фуқаро бошқа бир шахсга пичоқ билан ҳужум қилганди.