Ўзбек тили – ибораларга бой тил. Тарихимизнинг энг қадимги даврларида яшаган бобокалонларимиз ўзларининг ҳаётий кузатишлари асосида қизиқарли тарихга эга ибораларни ижод қилган. Бундай иборалар билан танишар экансиз, улар орқали ўзбекларнинг қандай яшагани, нималар билан шуғуллангани, ҳаётга муносабати, диний қарашлари ҳақида билимларга соҳиб бўла борасиз. Исломий тушунчаларнинг халқимиз ҳаётига чуқур сингиб кетганлигига ишонч ҳосил қиласиз. Бу галги мақоламизда тўрт иборанинг пайдо бўлиши, маънолари тўғрисида фикр юритамиз.
Даққиюнусдан қолган
Аслида дақёнусдан қолган десак, тўғрироқ бўлади. “Жуда эски, қадимги” маъносини билдиради (Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 1-жилд. 580-бет). Бу ибора ҳозирги кунда замона зайлига кўра қадимий кўринадиган, вақт жиҳатидан аввалги даврларга оид бўлган нарса-ҳодисаларга нисбатан қўлланади. Масалан: Дақёнусдан қолган бу даҳри дунда Бир янги заррадай кўзга илинсам. (Беҳзод Фазлиддин, Сен қачон гуллайсан) Одамга нисбатан ишлатилганда “замондан орқада қолиб кетган” маъносини билдиради. Масалан: Ҳар нарса деяверманг, раис бова. Даққиюнусдан қолган кампир кимга керак? (Тоғай Мурод, Бу дунёда ўлиб бўлмайди)
Бу иборадаги Дақёнус ёки Даққиюнус исми ҳақида ҳар хил фикрлар бор. Айрим олимлар уни Рим императори Диоклетианнинг шарқона номланиши дейди. “Қуръони карим”нинг “Каҳф” сурасида Дақёнус билан боғлиқ воқеа келтирилади: золим шоҳ истибдодидан дину иймонларини сақлаб қолиш учун ўз жонларини фидо қилган йигитлар бир ғорга паноҳ топиб кириб, у жойда уч юз йил қолиб кетадилар. Чунки Дақёнус ғордан чиқиш йўлини беркитиб ташлайди. Лекин Оллоҳ таоло ўз қудратини намойиш этиб, динига садоқатли йигитларни узоқ вақтга ухлатиб қўяди. Уйғонганларида эса орадан уч юз йил ўтган бўлади. Бундан бехабар йигитлар “бир ё ярим кун ухладик” деб ўйлайдилар. Ораларидан биттасини яширинча шаҳарга егулик сотиб олишга жўнатадилар. Йигит таом сотиб олиб, ёнидаги тангани узатганида, сотувчи ҳайрон бўлиб: “Бу Дақёнусдан қолган танга-ку, бирон ердан хазина топиб олдингми?” деб сўрайди. Йигит ҳам ҳайрон бўлиб: “Ҳеч қандай хазина топиб олганим йўқ, бу менинг қавмим ишлатадиган оддий танга”, деб жавоб қилиб, Дақёнусга нима бўлганини сўрайди...” (Қуръони азим мухтасар тафсири. Муфассир: Шайх Алоуддин Мансур. 466–467-бетлар). Дақёнус шоҳ эса аллақачон ўлиб кетган бўлади.
Дақёнус ва “асҳобул-каҳв” – ғор эгалари воқеаси жуда қадим замонларда содир бўлганлиги учун ўзбек халқи дақёнусдан қолган/даққиюнусдан қолган иборасини “қадимги замонлардан қолган”, “жуда эски бўлган” маъноларида қўллаб келади. Ўзбек тилида дақёнусдан қолган/даққиюнусдан қолган ибораси шу тарзда пайдо бўлган.
Алмисоқдан қолган
Бу ибора ҳам “жуда эски”, “жуда қадимги” маъноларини билдиради. Иборадаги асосий маъно арабча “алмийсоқ” сўзидан келиб чиққан. “Алмийсоқ” араб тилида “аҳд”, “қасам”, “шартнома, битим” маъноларини билдиради (Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 1-жилд. 73-бет). Алмийсоқ – мийсоқ бериш, яъни Оллоҳга ваъда бериш демакдир. Алмисоқдан қолган иборасининг ўзбек тилидаги бугунги маъносига асос бўлган воқеа анча аввалги даврларга бориб тақалади. Қуръони каримнинг “Аъроф” сурасида баён этилгани – инсонларнинг Оллоҳ таолога мийсоқ бериш воқеаси асосида ушбу иборанинг маъносини тушунтириб ўтамиз:
“Аъроф” сураси 172-оятидан шундай мазмун англашилади: “Оллоҳ таоло ўз қудрати билан Одам алайҳис-саломнинг белидан ундан тарқайдиган барча зурриётларни чиқариб, уларга Ўзининг мўъжизаларини кўрсатгач: “Айтинглар-чи, Мен Сизларнинг Раббингиз эмасманми?” деганида, улар: “Парвардигоро, Ўзинг барчамизнинг Раббимизсан, бизлар бунга гувоҳ бўлдик”, деб Оллоҳга аҳду паймон қилган, яъни мийсоқ берган эканлар. Шунинг учун ислом уламолари: “Кимда-ким кофир бўлса ёки динидан қайтса, ўзининг Оллоҳга берган мийсоқидан (Оллоҳда қилган аҳдидан дейилмоқчи) қайтган бўлади”, дейдилар. Муҳаммад алайҳис-саломнинг: “Ҳар бир туғилган бола тоза ҳолда – исломда туғилади, кейин ота-онаси уни ё яҳудий, ё насроний, ё мажусий қилиб бузуқ тарбия беришади”, деган ҳадисларининг мазмуни ҳам юқоридаги оятлар маъносига ҳамоҳангдир. (Қуръони азим мухтасар тафсири. Муфассир: Шайх Алоуддин Мансур. 288-бет)
Демак, юқоридаги оятдан одамлар туғилмасидан илгари Оллоҳ таолони ўзларининг Парвардигори, эгаси сифатида тасдиқлаганликлари, буни тасдиқлаб ваъда беришлари эса “алмийсоқ” эканлиги маълум бўлади. Ўзбек тилидаги алмисоқдан қолган иборасидаги алмисоқ аслида алмийсоқ сўзининг ўзбекча талаффузга мослашган шаклидир. Инсонларнинг Оллоҳ таолога мийсоқ бериш воқеаси жуда қадим замонларда содир бўлганлиги учун ўзбек халқи алмисоқдан қолган иборасини “қадимги замонлардан, Дақёнус даврларидан қолган”, “жуда эски бўлган” деган маъноларда қўллаб келади. Масалан: Манавиларни қўшини алмисоқдан қолган қўшин. Отам замондан қолган қўшин! (Тоғай Мурод, Бу дунёда ўлиб бўлмайди) У ёқда алмисоқдан қолган пўлат сандиқ, қулфлар йўқдир? (Тоҳир Малик, Шайтанат)
Ўзбек тилида алмисоқдан қолган ибораси шу тарзда пайдо бўлган.
Гўрига ўт қаламоқ
Бировнинг шаънига ўзи йўқлигида ёмон сўзлар айтмоқ, кишини унинг ортидан ҳақорат қилмоқ. Ўзбекистон Қаҳрамони О.Шарафиддинов мақолаларидан бирида ўзбек тилидаги гўрига ўт қаламоқ ибораси тарихи ҳақида шундай ёзган эди: “Раҳматли бувим оддийгина қишлоқи аёл бўлган бўлсалар-да, жуда чечан, ҳар гапга бирон матал ёки мақол қўшиб гапиргувчи эдилар. Баъзан мени койиб қолганларида: “Бувижон, нега ҳадеб койийверасиз, ахир неварангизман-ку?!” десам, “Неварам бўлсанг нима?! Гўримга ўт қалармидинг?!” дер эдилар. Мен бу гапга тушунмасдим, саволимга гўрнинг, унга ўт қалашнинг нима дахли борлигини билолмасдим. Шу зайлда йиллар ўтди. Олтмишинчи йилларда ҳиндларнинг буюк доҳийси Жавоҳарлаъл Неру оламдан ўтди. Унинг дафн маросими матбуотда батафсил ёритилди. Маълум бўлдики, ҳиндийлар ҳозир ҳам ўлган одамнинг жасадини гулханда ёндириб, кулини Ганга дарёсига сепиб юборишар экан. Нерунинг васиятига кўра, унинг жасадига энг севимли невараси ўт қўйибди. Бирдан бувимнинг ўша нақлини эсладим: демак, бир замонлар бизда жасад ёқилган экан-да, демак, гулханга ўт қўйиш невара учун энг фахрли иш бўлган экан-да? Бундан чиқадики, ўша ибора камида 2,5 – 3 минг йиллик тарихга эга”. (Озод Шарафиддинов, Тилда ҳикмат кўп)
Ислом дини ёйилгач эса жасадларни ёқиш ман қилинган. Шундан сўнг гўрига ўт қаламоқ бирикмаси тўғри маъносини йўқотиб, кўчма маъноли иборага айланган: бировнинг шаънига ўзи йўқлигида ёмон сўзлар айтишни, кишини унинг ортидан ҳақорат қилишни ифодалашга ўтган. Мазкур маънода гўрига ғишт қаламоқ ибораси ҳам қўлланади.
Қозон осмоқ
Овқат пишира бошламоқ. Иборалардаги сўзларнинг пайдо бўлиш тарихини ўрганиш орқали ўша иборанинг қачондан бошлаб қўллана бошлаганини, бу иборани ижод қилган халқнинг қандай турмуш кечирганини билиб олиш мумкин. Ана шундай иборалардан бири қозон осмоқ фразеологизмидир. Тилшунос А.Нурмонов қозон осмоқ ибораси ҳақида қуйидагиларни ёзган: “Масалан, қозон осмоқ ибораси бор. Ҳозирги кунда қозоннинг осилмаслиги, балки ўчоқ ёки газ плитаси устига қўйилиши маълум. Бу иборанинг маъносини тушунтириш жамиятнинг қадимги кўчманчилик ҳаёт тарзи ҳақидаги тасаввуримизни кенгайтиради. Қадимда ўтроқлашмаган жамият аъзолари турли жойларда овқат пишириш учун тагидан ўт ёқиладиган мосламага масаллиқ солинган идишни илганлар”. (Абдуҳамид Нурмонов. Танланган асарлар)
Демак, қозон осмоқ иборасига асос бўлган ҳаётий жараён аждодларимизнинг бир жойда муқим яшамаган, қозонни ўрнатиб эмас, осиб қўйиб овқат пиширган пайтлари бўлганидан дарак беради. Кейинчалик аждодларимиз шаҳару қишлоқлар қуриб, ўтроқ турмуш кечиришга ўтгач, қозонни ўчоққа ўрнатиб таом пиширганлар. Натижада қозон осмоқ бирикмаси тўғри маъносини йўқотган, яъни ҳақиқатан қозонни бирор мосламага осишдек хатти-ҳаракатни эмас, “овқат пишира бошламоқ”дек кўчма маънони касб этган.
“Ўзбекнинг ўз сўзлари” рукнимиз орқали ҳар ҳафтада ўзбек тилига оид жуда қизиқ маълумотлар билиб оласиз ва сўз бойлигингизни оширасиз.
Аввалги материаллар: