ТОШКЕНТ, 9 июл — Sputnik. Кеча, 8 июль куни Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги тасарруфидаги Чотқол давлат биосфера қўриқхонасига қарашли Майдонтол бўлими “Яйловча” ҳудудида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, ҳудудга зудлик билан Тошкент вилояти Экология бошқармаси ҳамда корхона ва ташкилотлар масъул ходимлари етиб борган. Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан тезкор штаб тузилиб, ёнғин бартараф этилган.
Ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари якунига етгач, натижалари бўйича қўшимча маълумот берилади.