Жиззахда ҳуқуқбузар учта дарахтни кесиб ташлади — энди у давлатга 25 млн сўм тўлайди

Дарахттларни кесиш ортидан ҳуқуқбузар 1 млн 650 минг сўм жаримага тортилган. У шунингдек, ўсимлик дунёсига етказилган 25 млн 740 минг сўм зарарни ҳам қоплайди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 июл — Sputnik. Жиззах вилоятида учта игнабаргли дарахтни кесиб ташлаган ҳуқуқбузар ўсимлик дунёсига етказилган зарар учун давлатга 25 миллион 740 минг сўм тўлайдиган бўлди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Сирдарё вилоятида яшовчи шахс тегишли рухсатномасиз жами 3 туп игнабаргли дарахтларни кесиб ташлаган. Мазкур ҳолат Жиззах вилояти Зафаробод туманидаги “Ёрқин” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида аниқланган.
Дарахттларни кесиш ортидан ҳуқуқбузар 1 миллион 650 минг сўм жаримага тортилган. У шунингдек, ўсимлик дунёсига етказилган 25 миллион 740 минг сўм зарарни ҳам қоплайди.
Маълумот учун, ҳуқуқбузар “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуннинг 4, 37 ва 49-моддаларини бузган. Мазкур ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан МЖтКнинг 79-моддаси 1-қисми билан баённома тузилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиноят ишлари бўйича Наманган туман судида 4 туп қимматбаҳо садақайрағоч дарахтини кесган фуқаро нисбатан ҳукм чиқарди. Ҳукмга кўра, фуқаро Б.M.га нисбатан 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси танланган. Бундан ташқари, у 326 850 000 сўм зарарни қоплаши шарт.