ТОШКЕНТ, 6 июл — Sputnik. Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтаётган халқаро онкологлар форумида Ўзбекистон тажрибаси эътироф этилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Форумда иштирок этаётган 600 нафар маърузачидан 40 нафарга яқини АҚШ, Хитой, Испания, Швейцария, Сербия, Аргентина, Ҳиндистон, Индонезия, Эрон ва МДҲга аъзо қатор мамлакатлар вакиллари.
Улар сафида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм филиали директори Тоҳир Полвонов ҳам бор.
Ўзбекистонлик мутахассис ўз онлайн чиқишида бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимида айрим хавфли ўсмалар профилактикаси, чуқурлаштирилган тиббий кўриклар натижалари ва буни ташкил қилиш билан боғлиқ жиҳатлар ҳақида тўхталди.
Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон, хусусан, Хоразм вилоятида амалиётга татбиқ этилаётган онкологик касалликлар диагностикаси ва илғор даволаш усулларига доир Ўзбекистон тажрибасини юқори баҳолаб, бу борадаги ишларни такомиллаштириш юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини билдирди.
Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Радиология тиббий тадқиқот миллий маркази бош директори, П.А.Герцен номидаги Москва онкология илмий-тадқиқот институти директори, Россия онкологлар ассоциацияси президенти, академик Андрей Каприн бошчилик қилган анжуманда тиббиётнинг мазкур йўналишига доир инновацион ютуқлар ва янги ишланмалар ҳақида ҳам маълумот берилди.