ТОШКЕНТ, 5 июл — Sputnik. АҚШ ва НАТОнинг ёрдамисиз Киев Москвага дронлар ҳужумини амалга ошира олмас эди. Россия ТИВ Москвага уюштирилган дронлар ҳужумига шундай муносабат билдирди.
“Бундай ҳужумларни Киев режимига кўрсатилган АҚШ ва унинг НАТО иттифоқчилари ёрдамисиз амалга оширишнинг иложи бўлмас эди. Улар қурол-яроғлар, жумладан, дронларни етказиш бериш ва уларнинг операторларини ўқитишни давом эттирмоқдалар. Шунингдек, бундай жиноятларни содир этиш учун зарур бўлган разведка маълумотларини, жумладан, фуқаролик ва ҳарбий сунъий йўлдошлардан ер юзаси тасвирлари ёрдамида олинган маълумотларни тақдим этмоқдалар. Буларнинг барчаси Вашингтон ва унинг ҳамкорларини Киев томонидан Ғарб қуроллари билан пулларига режалаштирган террорчилик ҳаракатларини тайёрлаш ва амалга оширишда шерик бўлишига олиб келмоқда”, — дейилади Россия ТИВ баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Мудофаа вазирлиги Украинанинг бешта дрон билан Москва ва вилоят объектларига ҳаво орқали террорчилик ҳужум уюштиришга бўлган уринишининг олди олинганини хабар қилган эди. Қайд этилишича, Янги Москва ҳудудида тўртта дрон ҳаво ҳужуми мудофаа тизимлари томонидан йўқ қилинган, яна бир қурилма радиоэлектрон кураш (РЭБ) ёрдамида зарарсизлантирилган ва қурилма Москва вилоятининг Одинцово тумани ҳудудида қулаган. Қурбонлар ва вайронагарчилик кузатилмаган.