Қуръони каримни ёқиб юборишдек ёвуз ҳаракатларни кескин қоралаймиз – Мирзиёев

Мирзиёвнинг сўзларига кўра, ер юзидаги миллионлаб инсонларнинг дину диёнати, эзгу ҳиссиётларини ҳақорат қиладиган бундай ҳолатларга асло йўл қўйиб бўлмайди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 июл — Sputnik. Амалдаги Ўзбекистон президенти ва президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашуви чоғида Швецияда Қуръони карим ёқиб юборилганини ёвуз ҳаракат деб атади ва кескин қоралади.
“Айни вақтда биз радикализм ва экстремизмнинг ҳар қандай кўринишларига, турли миллат ва халқларнинг диний қадриятларига нисбатан ҳурматсизлик кўрсатишга мутлақо қаршимиз. Жумладан, яқинда Швецияда содир этилган, муқаддас Қуръони каримни ёқиб юборишдек ёвуз ҳаракатларни кескин қоралаймиз”, - деди Мирзиёев.
Ўзбекистон етакчисининг сўзларига кўра, ер юзидаги миллионлаб инсонларнинг дину диёнати, эзгу ҳиссиётларини ҳақорат қиладиган бундай ҳолатларга асло йўл қўйиб бўлмайди.

Швециядаги Қуръон билан боғлиқ воқеа

28 июнь куни Швеция пойтахтида полиция рухсати билан Қурбон ҳайитининг биринчи кунида Қуръонни ёқиш акцияси бўлиб ўтган эди.
Марокаш ҳукумати норозилик рамзи сифатида Стокгольмдаги элчисини чақириб олди. Саудия Арабистони, Индонезия, БАА, Жазоир, Қатар, Баҳрайн, Ироқ, Иордания, Миср, Покистон, Туркия каби мамлакатлар бу хатти-ҳаракатни қаттиқ қоралашди.
Эрон Швеция томонидан Қуръонни ёқишга рухсат берилишини экстремизм ва исломофобияни қўллаш сифатида кўришини маълум қилди.
Малайзия Швецияни Қуръонни ёқаётганларга қарши чора кўришга чақирди. Ливан ТИВ Швеция ҳукуматини буни жиноят деб баҳолашга чақирди.
Бундан ташқари, Россия Давлат думаси Қуръонни ёқишга рухсат берган Швеция ҳукуматини қоралувчи баёнот қабул қилди.
Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар исломий рамзларни ҳақорат қилиш бўйича такрорий ҳаракатларга чек қўйиш учун биргаликда ҳаракат қилишга чақирди.
Алишер Қодиров Швецияда Қуръон ёқилишини провокация деб атади