ТОШКЕНТ, 5 июл — Sputnik. Украина қуролли кучлари 11-12 июль кунлари Вильнюсда бўлиб ўтадиган НАТО саммити арафасида учинчи қарши ҳужумни бошлади. Бу ҳақда ДХР раҳбари вазифасини бажарувчисининг маслаҳатчиси Игорь Кимаковский “Соловьев Live” эфирида маълум қилди.
“Кеча НАТОнинг Вильнюсдаги саммити олдидан улар (Украина армияси - таҳр.) қарши ҳужумнинг учинчи тўлқинини бошлаб, яна Запорожье йўналишини асос қилиб танлашганини қайд этиш мумкин эди. Ҳозирда Днепрдан деярли Запорожье вилояти ва Донецк халқ республикаси туташган жойгача бўлган ҳудудлар ёнмоқда”, — деди маслаҳатчи. Унинг сўзларидан РИА Новости иқтибос келтирган.
Кимаковскийнинг сўзларига кўра, Украина ҳаракатлари муваффақиятсизликка учрамоқда: УҚК “ҳатто биринчи мудофаа чегарасини ёриб ўта олмайди”.
Денис Пушилиннинг маслаҳатчиси, шунингдек, Луганск йўналишида чалғитувчи зарбалар берилаётганини, Авдеевка яқинида эса Украина қўшинлари “ўз ҳолатини яхшилаш учун курашаётганини” таъкидлади.
Жанубий Донецк, Запорожье, Артёмовск йўналишларидаги Украина ҳужуми 4 июнда бошланди, УҚКнинг асосий эътибори Запорожье ҳудудларига қаратилган. Киев НАТО томонидан тайёрланган ва Ғарб техникаси, жумладан, “Leopard” танклари билан қуролланган бригадаларни жангда ишга солмоқда. Германияда ишлаб чиқарилган Украина танкларининг ёнаётган тасвирлари кейинчалик қизғин музокараларга сабаб бўлди.
Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг 3 июль куни берган маълумотларига кўра, муваффақиятсиз ҳужумлар ойи давомида УҚК 18 та самолёт ва вертолёт ҳамда 920 та зирҳли техника, шу жумладан, 16 та “Leopard” танкини йўқотди. Душман ҳеч қайси йўналишда ўз мақсадига эриша олмаган.