ТОШКЕНТ, 4 июл — Sputnik. Шри-Ланка Ўзбекистондан тайёр чарм, пойабзал, чарм-атторлик буюмларини импорт қилмоқчи. Бу ҳақда “Ўзчармсаноат” уюшмаси хабар берди.
Хитойнинг Венчжоу шаҳрида “Чарм, пойабзал маҳсулотлари ва пойабзал ускуналари” 26 халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Унда “Ўзчармсаноат” уюшмаси делегацияси ҳамда маҳаллий корхоналар ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш бўйича дастлабки келишувлар ва шартномаларни имзолашга эришди.
Хусусан, уюшма ҳамда Корея инновацион лойиҳаларни тадқиқ этиш институти билан ҳамкорликда янги қўшма таълим дастури ишлаб чиқади. Дастурга мувофиқ мамлакат чармсаноат тармоғида инновацион ишланмаларни яратувчи малакали кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича ишлар амалга оширилади.
Шунингдек, Шри-Ланка чарм ва пойабзал ишлаб чиқарувчилари уюшмаси Ўзбекистондан тайёр чарм, пойабзал, чарм-атторлик буюмларини импорт қилишни мақсад қилган.
“Мулоқотда ҳамкорларга соҳанинг ишлаб чиқариш салоҳияти, маҳсулотлар намуналари тақдим этилди. Натижада Шри-Ланка томони қисқа фурсат ичида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича ҳамкорлик келишувини имзолашини маълум қилди”, - дейилади хабарда.
Шунингдек, маҳаллий “San+One” корхонаси Марокаш компанияси билан пойабзалларни экспорт қилиш бўйича музокара ўтказди. Марокаш компанияси ҳамкорлик қилиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюришини қайд этди.