ТОШКЕНТ, 4 июл — Sputnik. Қорақалпоғистонлик абитуриентлар учун грант асосида ўқишга қўшимча 3 000 та ўрин ажратилади. Бу ҳақида президент фармонида айтиб ўтилган. ЎзА хабарига асосан.
Фармонга кўра, Қорақалпоғистон Республикасида доимий яшайдиган ҳамда умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларини тамомлаган ёшлар учун 2023/2024 ўқув йилида давлат гранти асосида қўшимча 3 000 та ўрин ажратилади.
Бунда соҳа ва тармоқларнинг олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжи аниқланиб, олий таълим муассасалари ва таълим йўналишлари кесимидаги таклифлар Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига 2023 йил 20 июлгача тақдим этилади.
Эслатиб ўтаимиз, 3 июль куни имзоланган 200-сонли президент фармонида, олий таълим муассасаларига қабул қилишга доир қатор ўзгаришлар белгиланган эди. Хусусан, академик лицейларга киришда ёзма имтиҳонлар бекор қилиниши, коллеж ва техникумларда грантлар миқдори 2 баравар оширилиши ва бошқалар.