Эрон ШҲТнинг тўлақонли аъзоси бўлди

Эрон — бугунги замонда ўз қадриятларига содиқлигини йўқотмаган, бой тарих ва маданиятга эга бўлган иқтисодий қудратли ҳамкордир.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 июл — Sputnik. Эрон Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг тўлақонли аъзосига айланди. Бу ҳақида ШҲТнинг бугун Ҳиндистонда имзоланган Нью-Деҳли декларациясида қайд этилган.
“Аъзо давлатлар Эрон Ислом Республикасининг ШҲТга тўлақонли аъзо давлат сифатида қабул қилинишининг тарихий аҳамиятини таъкидладилар”, — дейилади ҳужжатда.
Эрон президенти Иброҳим Раисий ШҲТ давлат раҳбарлари кенгашида сўзлаган нутқида таъкидлаганидек, тўлақонли аъзолик хавфсизлик, иқтисодий ривожланиш ва суверенитет учун шароитларни яхшилайди.
Экспертларнинг фикрича, Эроннинг ШҲТга аъзо бўлиши ташкилот иштирокчилари ўртасидаги савдо-сотиқ ривожланишига янги туртки беради. Эрон стратегик муҳим иттифоқчи сифатида Кавказ ва Марказий Осиёнинг хавфсизлигини кучайтиришга ёрдам бериши мумкин. Бундан ташқари, Афғонистондаги вазиятни изга солишда муҳим рол ўйнаши мумкин ва бу ташкилот мақсадларидан бирига жавоб беради.
2022 йил 15 сентябрь куни Эрон томони Самарқандда ШҲТга аъзо бўлиш мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумни имзолади, 27 ноябрда эса миллий парламент Эроннинг ташкилотга кириши тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди. Мажбуриятлар тўғрисидаги меморандум қонун лойиҳаси 2023 йил 25 январда қабул қилинди.
ШҲТ 2001 йилда ташкил этилган халқаро ташкилотдир. Унга Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Покистон ва Ўзбекистон аъзо. Эрон билан доимий аъзолар сони 9 тага етди.
Кузатувчи давлатлар – Афғонистон, Беларусь ва Мўғулистон, ҳамкор давлатлар – Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка.
Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммитида Миср ва Қатарга мулоқот бўйича ҳамкор мақомини бериш бўйича меморандумлар имзоланди. Баҳрайн, Мальдив ороллари, Кувайт, Бирлашган Араб Амирликлари ва Мьянма ҳам мулоқот бўйича ҳамкор мақомини олади.