ТОШКЕНТ, 4 июл — Sputnik. Сўнгги 6 йиллик баҳолар олийгоҳларга жорий йилги қабулда инобатга олинмайди. Бу президент 3 июль куни имзолаган тегишли фармонда кўзда тутилган, дея хабар беради Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги.
Фармон билан президентнинг 2020 йил 6 ноябрдаги "Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида"ги фармонига ўзгартириш киритилди.
Унга кўра, мажбурий 11 йиллик таълимнинг сўнгги 6 йиллик баҳолари ўртача кўрсаткичини олий таълим ташкилотига кириш имтиҳонларида инобатга олиниши 2024/2025-ўқув йилидан бошлаб жорий этилиши белгиланди.
Бунда жорий йилда мажбурий 11 йиллик таълимнинг сўнгги 6 йиллик баҳолари олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳонларида инобатга олинмайди.