Ўзбекистон атмосферага чиқарилаётган зарарли ташламалар миқдорини қандай камайтирди?

Атмосфера ҳавосига саноат корхоналаридан ташланаётган ташламалар миқдори олдинги йилга нисбатан 4,0 фоизга камайди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 июл — Sputnik. Атмосферага чиқарилаётган зарарли ташламалар миқдори 35 минг тоннага камайди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Атмосфера ҳавосига саноат корхоналаридан ташланаётган ташламалар миқдори олдинги йилга нисбатан 35 минг тонна (ёки 4,0 фоиз)га камайди.
Ушбу кўрсаткичга қуйидаги чора-тадбирлар эвазига эришилди:
96 та ишлаб чиқариш ва саноат корхонасида жами 362 та чанг-газларни тутиб қолиш ускуналари таъмирланди ва янгиларига алмаштирилди. Натижада атмосфера ҳавосига 2590,8 тонна ташламалар ташланишининг олди олинди;
атроф-муҳитга ҳавфлилик даражаси юқори ва ўрта бўлган 43 та янги ташкил этилаётган корхона ва ташкилотлар томонидан 307 та янги филтр ўрнатилди;
“Тоза ҳаво” ойлиги давомида жами 295 582 та автотранспорт воситасидан чиққан газлар таркибидаги ифлослантирувчи моддалар миқдори ўлчанди. Меъёрдан ортиқча бўлган 8041 та автотранспорт воситасининг ортиқча чиқинди газлари тартибга келтирилди;
атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича 245 та корхона ва ташкилот томонидан 486 та чора-тадбирларнинг бажарилиши эвазига атмосфера ҳавосига 18,0 минг тонна ифлослантирувчи моддалар ташланишининг олди олинди.
Эслатиб ўтамиз, республикада ўтказилган “Тоза ҳаво” ойлиги давомида жами 92,8 тонна ифлослантирувчи модда атмосфера ҳавосига чиқарилишининг олди олинган эди.