ТОШКЕНТ, 30 июн — Sputnik. Судан делегацияси Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашувда Россиядан можарони ҳал қилишда ёрдам сўради, деди Судан ўтиш даври суверен кенгаши раҳбари ўринбосари Малик Агар.
Пайшанба куни Лавров Россия Судандаги вазиятни хавотир билан кузатиб бораётганини ва можарони ҳал қилишда ёрдам беришга тайёрлигини, Россиянинг Хартумдаги дипломатик ваколатхонаси манфаатдор томонлар билан алоқалар олиб борилаётганини маълум қилган эди.
"Судан урушини тугатиш учун Россиядан ёрдам сўрадик. Шунингдек, Россия ташқи ишлар вазирига Судан инқирозини ҳал қилиш йўл харитаси ҳақида маълумот бердик", - деди Малик Агар Москва сафари ортидан "Russia Today" халқаро мультимедиа матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида.
“Биз Россияни дўст давлат деб биламиз ва ундан иқтисодий ва стратегик ёрдам кўрсатишни сўраймиз”, — дея қўшимча қилди у.
Эслатиб ўтамиз, 15 апрелдан бери Суданда тезкор ҳаракат кучлари ва мунтазам армия ўртасида жанглар давом этмоқда. Қарама-қарши томонлар оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг кўламли ахборот урушини бошлаб, жанговар ҳаракатлар ва объектларни назорат қилишдаги муваффақиятлар ҳақида қарама-қарши баёнотлар тарқатишмоқда. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари маълумотларига кўра, 15 апрелдан 12 июнгача камида 958 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, 4700 нафари яраланган.