ТОШКЕНТ, 30 июн — Sputnik. Ҳозирги мураккаб замондаги кескин рақобатга тайёр бўлиб вояга етаётган ёшлар ҳар қандай баланд маррани эгаллашга қодир. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёевнинг ёшларга йўллаган табригида маълум қилинди.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда ўтган даврда ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги – вертикал бошқарув тизими яратилди.
"Ҳеч қачон унутманг, ғалаба ва бахт – астойдил интилганники! Сизларнинг ютуғингиз – бу бутун эл-юртимизнинг ютуғи. Халқимиз сизларга ишонади, сизларга таянади сизлардан куч-ғайрат, руҳ ва илҳом олади. Ўз олдингизга улуғ мақсадлар қўйиб яшашдан асло чарчаманг! Янги Ўзбекистонни албатта сизлар билан, бутун мамлакатимиз ёшлари билан бирга барпо этамиз", - дейилган президент табригида.
Мамлакатдаги барча маҳаллаларда ёшлар етакчиси лавозими жорий этилиб, бу тизим орқали ёшларга 100 дан ортиқ имкониятлар яратилди.
“Ёшлар дафтари” тизими йўлга қўйилиб, сўнгги икки йилда 798 минг нафарга яқин ёшларга қарийб 1 триллион сўмлик ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, 53 минг нафар эҳтиёжманд оилага мансуб талабага ўқиш учун контракт пуллари тўлаб берилди.
Олий таълим муассасалари сони салкам уч марта кўпайиб, 210 тага, қамров даражаси эса 9 фоиздан 38 фоизга етгани замонавий илм ва касб соҳаларини эгаллашда ўғил-қизларимиз учун янги имкониятлар очмоқда.
Охирги уч йилнинг ўзида 250 минг нафар ёшга 6 триллион сўмдан зиёд имтиёзли кредитлар ажратилди.
Мамлакат бўйича 210 та “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари” ташкил этилиб, 4 триллион сўмлик 2,5 мингта лойиҳа амалга оширилди. Натижада, ёш тадбиркорлар сони 2 карра кўпайиб, 200 мингдан ошди.
“Шу борада ёшларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, сиз, азизларнинг салоҳият ва иқтидорингизни ривожлантириш ва рўёбга чиқариш учун имконият ва шароитларни янада кенгайтирамиз”, - дейилади табрикда.
Ўзбекистонлик ўқувчилар ўтган йили халқаро фан олимпиадаларида 7 та олтин, 36 та кумуш ва 38 та бронза медалини қўлга киритишди.
Ёш спортчилар эса хaлқаро мусобақaларда муваффақиятли иштирок этиб, бу йил 247 та олтин, 119 та кумуш, 110 та бронза медаль соҳибига айландилар. Кейинги йилларда ёшларнинг 758 нафари давлат мукофотларига сазовор бўлишди.