ТОШКЕНТ, 29 июн – Sputnik. Германия канцлери Олаф Шольц Европа Иттифоқи саммитида эҳтимолий узоқ давом этадиган можаро сабаб Киевга ёрдам ажратиш масалалари муҳокама қилинишини маълум қилди.
“Келажакда Украинани қўллаб-қувватлашимизни қандай ташкил этишимизни муҳокама қилиш учун асос бор. Бу ҳам муҳим, чунки биз бу (Украинадаги можаро - таҳр.) узоқ давом этиши мумкинлигига мослашишимиз керак”, - дейди канцлер Брюсселдаги давлат раҳбарларининг учрашуви арафасида. Унинг сўзларидан РИА Новости иқтибос келтирган.
Шольцнинг айтишича, “молиявий ва гуманитар ёрдамга келсак, биз узоқ вақт чидаб беришга тайёрмиз” деган келишувга эришиш керак.
Бироз илгари "Financial Times" ЕИ Украинага “келажакда хавфсизлик бўйича мажбуриятларни” таклиф қилишга тайёрланаётгани ҳақида хабар берган эди. Тегишли ҳужжат блок етакчиларининг пайшанба куни бўлиб ўтадиган учрашувидан сўнг эълон қилиниши кутилмоқда.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги Киевни НАТОга жалб қилиш можаронинг кескинлашишига олиб келишидан огоҳлантирган. Россия ТИВ Украинадаги можаро бўйича музокаралар жараёнининг Киев режими томонидан рад этилиши учун жавобгарлик тўлиқ унинг ғарблик кураторлари зиммасида эканини алоҳида таъкидлаган.