Самарқандда Хитой билан ҳамкорликда қон препаратлари ишлаб чиқарилади

Марказий Осиёда ягона бўлиши кутилаётган фармацевтика заводи Самарқандда 15 гектар майдонда қад ростлайди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 июн — Sputnik. Самарқандда Хитой билан ҳамкорликда қон препаратлари ишлаб чиқарилади, дея хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.
Жорий йилнинг 27 июнь куни Соғлиқни сақлаш вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда Хитойнинг “Xindeyuan Bioengineering” компанияси вакиллари билан шу масалада музокара ўтказилди.
Унда Самарқанд вилояти “Ургут” эркин иқтисодий зонасида умумий қиймати 250 миллион долларлик инвестициявий лойиҳани амалга ошириш борасида муҳим келишувга эришилди.
Ўзбекистон президентининг тегишли қарорига мувофиқ мамлакатда гематология ва трансфузиология хизматларини ривожлантириш учун 128 млрд. сўм маблағ ажратилган бўлиб, ушбу йўналишларда қўлланиладиган 67 турдаги дори воситалари ва реагентлар Ўзбекистонга асосан четдан келтирилмоқда.
Таъкидланишича, қон препаратлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган, Марказий Осиёда ягона бўлиши кутилаётган фармацевтика заводи Самарқандда 15 гектар майдонда қад ростлайди. Завод аҳолининг бундай препаратларга бўлган эҳтиёжини қондириш, шу билан бирга, маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали импорт ҳажмини камайишига хизмат қилади.