Июль ойида ўзбекистонликларни қандай об-ҳаво кутмоқда

Ўзбекистон ҳудудида Эрон ҳудудларидан яна иссиқ ҳаво кириб келиши ҳисобига июль ойи иссиқ об-ҳаво билан бошланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 июн — Sputnik. Ўзгидрометнинг дастлабки прогнозига кўра, бу йилги июль ойи жуда иссиқ бўлмаслиги кутилмоқда.
Синоптиклар маълумотларига қараганда, республиканинг катта қисмида ўртача ойлик ҳарорат ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлиши кутилмоқда ва фақат шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда меъёрдан +1...+1,5 даражага юқори бўлади.
Ўзбекистон ҳудудида Эрон ҳудудларидан яна иссиқ ҳаво кириб келиши ҳисобига июль ойи иссиқ об-ҳаво билан бошланади. 1-3 июль кунлари ҳаво ҳароратининг қийматлари +37...+40 даражага, чўл ҳудудларда ва республиканинг жанубида +41...+43 даражага етади.
Бироқ июль ойи биринчи ўн кунлигининг ўрталарига келиб, ҳарорат
+3...+5 даражага пасайиши кутилмоқда.
Июль - ёзнинг энг қизғин даври ва айнан июль ойида Ўзбекистонда энг юқори ҳаво ҳароратлари кузатилади. Ўзбекистонда июль ойининг ўртача максимал ҳарорати (ёки иқлим меъёри) +35...+37 даражани, жанубда ва чўл ҳудудларда +38...+40 даражани ташкил этади. Албатта, ҳар йили июль ойида кучли иссиқ даврлар кузатилади, бунда ҳаво ҳарорати +39...+41 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда +43...+45 даражагача кўтарилади, энг иссиқ йилларда эса ундан ҳам юқори бўлади.
Сўнгги 8 йил ичида Ўзбекистонда барча июль ойлари иқлим меъёридан иссиқроқ бўлди ва метеорологик кузатувлар тарихидаги энг иссиқ ўнталикка кирди.
Ўзбекистонда 2019 йилнинг июль ойи энг иссиқ бўлиб, унинг ўртача ҳарорати меъёрдан +2...+4 даражага юқори бўлди. 2018 йил ва 2021 йилларнинг июль ойлари 2019 йил июль ойининг ҳарорат фони бўйича яқин бўлди. Шу йилларда максимал ҳаво ҳарорати +40...+43 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда +44...+45 даражагача кўтарилди. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий вилоятларида баъзи жойларда ҳаво ҳароратининг (+46...+48 даража) тарихий максимуми қайд этилди.
Республиканинг қолган ҳудудларида максимал ҳароратнинг мутлақ рекордлари бошқа йилларда ўрнатилди. Шундай қилиб, Тошкентда ҳаво ҳарорати +44,6 даражани ташкил этган рекорд ҳали ҳам сақланиб турибти, у 25 йил олдин - 1997 йил июль ойида қайд этилган.
2023 йил июнь ойида Ўзбекистон аҳолиси узоқ вақт давомида жуда иссиқ об-ҳавони кузатдилар. Иссиқ деярли ойнинг бошидан бошланди ва иккинчи ўн кунликнинг охиригача давом этди.
Июнь ойининг охирги ўн кунлиги ўрталарида иссиқ сезиларли даражада заифлашди ва ҳаво ҳарорати қисқа даврга иқлим меъёридан пастга тушди. Ойнинг охирига келиб, ҳаво ҳарорати яна кўтарила бошлади.