ТОШКЕНТ, 23 июн — Sputnik. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг қирқ иккинчи ялпи мажлисида “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун маъқулланди.
Юқори палата хабарига кўра, амалдаги қонун бир нечта янги нормалар билан тўлдирилмоқда.
Хусусан, бу қонун билан давлат байроғидан спорт мусобақаларида, оммавий жисмоний тарбия ва маданий тадбирларда, расмий халқаро тадбирларда, оилавий байрамларда, хотира саналарини нишонлашда, жамият ва давлат арбоблари, ҳарбий хизматчиларнинг дафн маросимларида ҳамда бошқа ҳолларда ҳурматни таъминлаган ҳолда байроқдан фойдаланиш мумкинлигини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Шунингдек, байроқ тасвири туширилган белгилардан фойдаланишда ҳам аҳолига кенг имкониятлар яратилмоқда. Жумладан, байроқдан жамоат жойларида, бинолар ва бошқа объектларда, яшаш ёки иш жойларида, транспорт воситаларининг салонида, расмий халқаро тадбирларда, ҳарбий ёки бошқа давлат хизматида бўлган шахсларнинг кийим-бошида ва фарқловчи нишонларида, халқаро спорт мусобақалари ҳамда Ўзбекистон чемпионатлари учун спорт кийим-бошини тайёрлашда фойдаланиш мумкинлиги назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, байроқдан ва унинг тасвири туширилган белгилардан одоб-ахлоқ қоидалари ва жамиятда юриш-туриш қоидаларига зид равишда ёхуд уларни таҳқирлаш ҳисобланадиган бошқача тарзда фойдаланишга йўл қўйилмаслиги белгиланмоқда.
“Мақсад - халқимиз, айниқса ёшларимизнинг юртга садоқати, фахр-ифтихори ифодаси сифатида Давлат байроғидан фойдаланиш кўламини янада кенгайтириш зарур. Бу борадаги тартиб-таомилларни янада эркинлаштириб аниқлаштириш, халқимизнинг хурсандчилик кунларида, хонадонларда байроғимиз ҳилпираб туришига имкон бериш, содда қилиб айтганда байроғимиз том маънодаги халқ байроғи бўлишига эришишдир. Шу билан бирга, Қонун билан байроғимизга нисбатан ҳурматсизлик ва ножўя хатти-ҳаракатларга йўл қўймасликка оид аниқ нормалар белгиланаётгани ҳам ниҳоятда муҳим, зеро гап давлатимиз рамзи ҳақида бормоқда”, - деди Сенат раиси Танзила Нарбаева.
Мазкур қонун лойиҳасини аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари қабул қилган эди. Лойиҳа 1 июнда жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқилган эди.