Давлат байроғидан фойдаланилиши мумкин бўлган ҳолатлар кенгаймоқда
19:10 01.06.2023 (янгиланди: 19:22 01.06.2023)
© Sputnik / Владимир Астапкович
/ Oбуна бўлиш
Байроқнинг тасвири туширилган белгилардан устки кийим-кечакни безатиш ёки Ўзбекистонга тегишлиликни белгилаш учун тижорий мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлади.
ТОШКЕНТ, 1 июн — Sputnik. “Давлат байроғи тўғрисида”ги Ўзбекистон қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Қонун лойиҳасида, жумладан, қуйидаги янгиликлар назарда тутилган:
Давлат байроғидан фойдаланилиши мумкин бўлган ҳолатлар кенгаймоқда, жумладан:
байроқ ва унинг тасвири туширилган белгилардан жамоат жойларида, биноларда, яшаш ёки иш жойларида, транспорт салонида;
байроқдан спорт мусобақалари, оммавий, тантанали ва маданий тадбирларда, оилавий байрамларда, хотира саналарни нишонлашда, жамият ва давлат арбоблари, ҳарбий хизматчилар дафн маросимларида;
байроқнинг тасвири туширилган белгилардан устки кийим-кечакни безатиш ёки Ўзбекистонга тегишлиликни белгилаш учун тижорий мақсадларда фойдаланиш мумкин.
Байроққа нисбатан ҳурматсизлик қилиш ҳолатлари аниқ белгиланмоқда, хусусан:
байроқдан ва унинг тасвири туширилган белгилардан йиртилган, ифлосланган, тешилган, ранги оқарган ҳолда ва бошқа номақбул тарзда фойдаланиш;
бирор-бир нарса учун устки ёпинғич сифатида фойдаланиш (дафн маросимларида фойдаланиш мустасно);
столларга, ўриндиқларга, стулларга тўшаш ёки тасвирлаш, ундан қоплама сифатида фойдаланиш, ўтириладиган бошқа жойларга ёки оёқ остига тўшаш ёки тасвирлаш;
кийим-кечак, дастрўмол ёки кўрпа-тўшак сифатида, буюмларни сақлаш ва ташиш учун фойдаланиш;
байроқ тасвири туширилган белгиларни пойабзал, дастрўмол, кўрпа-тўшак, ички кийим-кечакга, сочиқларга, қутиларга (ўровларга), бир марта фойдаланиш ва ташлаб юбориш учун мўлжалланган буюмларга босиб чиқаришга ёки унинг тасвирини бошқача тарзда тушириш;
байроқ ва унинг тасвири туширилган белгилардан одоб-аҳлоқ қоидалари ва жамиятда юриш-туриш қоидаларига зид равишда фойдаланиш мумкин эмас.
Давлат байроғидан ва унинг тасвири туширилган белгилардан юқоридаги ва Қонундаги бошқа талабларга мувофиқ фойдаланиш учун масъулият байроқдан фойдаланадиган жисмоний ва юридик шахслар, давлат органлари зиммасига юклатилади.