ТОШКЕНТ, 23 июн — Sputnik. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг қирқ иккинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонун маъқулланди. Бу ҳақда парламентнинг юқори палатаси ахборот хизмати хабар берди.
Ҳужжат икки давлат президентлари Шавкат Мирзиёев ва Қасим-Жомарт Тоқаев томонидан 2022 йил 21 декабрь куни имзоланган эди.
Шартномага кўра Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги давлат чегарасининг демаркация қилинган чизиғи узунлиги 2 356 километрдан ортиқдир.
Шартнома билан Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегарасини белгилаш бўйича ишлар тўлиқ якунланди ҳамда чегара хавфсизлиги ва дахлсизлигини таъминлаш учун энг муҳим шарт-шароитлар яратилди.
“Қонун Ўзбекистон – Қозоғистон давлат чегараси демаркацияси бўйича узоқ вақт давом этган жараённинг мустаҳкам ҳуқуқий ечими бўлиши билан бирга ўзаро ишонч ва дўстликка асосланган муносабатларимизнинг янги саҳифаси бўлади ҳамда ўзаро тенг манфаатли алоқаларимиз равнақига хизмат қилади, деб ишонамиз”, - деди Сенат раиси Танзила Нарбаева.
Қозоғистон бу шартномани 28 март куни ратификация қилган эди.
2003 йилда бошланган демаркация бўйича музокаралар қарийб 19 йил давом этган. Бу вақт мобайнида демаркация комиссиясининг 100 та йиғилиши ва демаркация бўйича ишчи гуруҳининг 34 та йиғилиши ўтказилди. Чегара белгиларини ўрнатиш бўйича дала ишлари 2004-2021 йилларда давом эттирилди.