Ўзбекистон ва Қозоғистон Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолади
16:37 22.12.2022 (янгиланди: 16:42 22.12.2022)
Oбуна бўлиш
Ташриф доирасида жами 8 миллиард долларлик савдо ва инвестиция шартномалари имзоланди.
ТОШКЕНТ, 22 дек — Sputnik. Шавкат Мирзиёев ва Қасим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолашди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон-Қозоғистон саммити якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
"Икки мамлакат етакчилари тарихий ҳужжатлар – Иттифоқчилик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида шартнома ва Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисида шартномани имзолашди", - дейилган хабарда.
Бундан ташқари, икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари, йирик компаниялари даражасида кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган 15 та ҳужжат қабул қилинди.
“Марказий Осиё” Халқаро саноат кооперацияси марказини ташкил этиш тўғрисида;
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида;
Олий таълим ва олий таълимдан кейинги таълим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар;
2000 йил 7 июлдаги Фуқароларнинг ўзаро келиб-кетиш шартлари тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида баённома.
Стратегик ислоҳотлар, электрон савдони ривожлантириш, ўрмон хўжалиги, давлат хизмати соҳаларида меморандумлар;
Тошкент ва Туркистон, Навоий ва Қизилўрда, Жиззах ва Туркистон вилоятлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича “йўл харита”лари;
Энергетика, кимё саноати, транспорт ва логистикада лойиҳалар амалга ошириш бўйича битимлар.
Ташриф доирасида жами 8 миллиард долларлик савдо ва инвестиция шартномалари имзоланди.
Маълумот учун, Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома икки мамлакат ҳамкорлигини иттифоқчилик муносабатлари даражасига олиб чиқишни назарда тутади..
Унда олий ва юқори даражадаги учрашувлар механизмини такомиллаштириш, икки томонлама муносабатлар масалалари ва ўзаро манфаатли долзарб халқаро муаммолар юзасидан мунтазам фикр алмашиш ва позицияларни келишиш кўзда тутилган.
Шартномага кўра, томонлар бир-бирига қарши қаратилган куч ишлатиш ёки таҳдид қилишдан бош тортиш мажбуриятини тасдиқлайдилар.
Глобал ва минтақавий миқёсда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, замон чақириқлари ва таҳдидларига қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш мақсадида ўзаро ҳамкорлик қиладилар.