Пекин Халқаро туризм кўргазмасида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти намойиш этилди

16-19 июнь кунлари бўлиб ўтган кўргазмага 1 миллиондан зиёд хорижий ва маҳаллий меҳмонлар ташриф буюрди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 июн — Sputnik. Хитой пойтахтида ўтказилган 18-Пекин Халқаро туризм кўргазмасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти намойиш этилди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.
Мазкур тадбирда дунёнинг 20 дан зиёд мамлакатидан 1000 дан ортиқ туризм соҳаси вакиллари ва мутахассислари иштирок этди. 16-19 июнь кунлари бўлиб ўтган кўргазмага 1 миллиондан зиёд хорижий ва маҳаллий меҳмонлар ташриф буюрди.
Кўргазмада Ўзбекистоннинг “Rocket DMC Uzbekistan”, “Silk Road Samarkand” ва бошқа бир қатор туристик компаниялари иштирок этиб, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини намойиш этди.
“Ўзбекистон стенди меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Самарқанд, Бухоро, Хива каби қадимий шаҳарлар, Ўзбекистондаги туризмнинг турли йўналишларини ўзида акс эттирувчи фото ва видео материаллар тақдим этилди”, - дейилади хабарда.
Кўргазма доирасида, шунингдек, туризм компаниялари вакиллари “В2В” форматида учрашувлар ўтказиш, янги ҳамкорлар билан алоқа ўрнатиш имкониятига эга бўлди.
Пекин Халқаро туризм кўргазмаси Хитойда ўтказиладиган глобал туризм ресурслари ва маҳсулотларини тарғиб қилиш ва туризм истеъмолини рағбатлантириш учун муҳим алмашинув ва савдо майдончаси ҳисобланади. Кўргазмада туристик кўчмас мулк, туристик товарлар, махсус шаҳарлар, интеллектуал туризм, спорт туризми, тиббий туризм каби йўналишлардаги лойиҳалар намойиш этилади.