ТОШКЕНТ, 22 июн — Sputnik. Ўзбекистон ва Қозоғистон божхона тартиб-таомилларини автоматлаштириш, божхона назорати натижаларини ўзаро тан олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон давлат божхона қўмитаси хабар берди.
Икки давлат божхона хизматлари вакилларининг учрашувида транзит тартиб-қоидаларини соддалаштириш, чегарада автотранспорт воситаларининг тўпланиб қолишига йўл қўймаслик, божхона декларацияси ва товарларни назорат қилиш жараёнлари масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар божхона операцияларини рақамлаштириш бўйича ҳам тажрибалар алмашишди.
“Учрашув якунлари бўйича божхона тартиб-таомилларини автоматлаштириш, божхона назорати натижаларини ўзаро тан олиш ва Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегарасида “Ягона ойна” лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишларни фаоллаштириш бўйича келишувларга эришилди”, - дейилган хабарда.
Таъкидланишича, томонлар Марказий Осиё ва Каспий минтақаси мамлакатларида қоғозсиз рақамли транзит экотизимини жорий этиш бўйича халқаро ҳужжат лойиҳасини тайёрлашга киришган.