“Рақамли сув хўжалиги” ягона ахборот тизими яратилади

Сув хўжалиги бўйича барча дастурий таъминотлар мазкур тизимга босқичма-босқич интеграция қилинади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 июн — Sputnik. 2025 йил 1 январгача “Рақамли сув хўжалиги” ягона ахборот тизими яратилади. Бу 20 июнь куни қабул қилинган президент фармонида кўзда тутилган.
Сув хўжалиги бўйича барча дастурий таъминотлар мазкур тизимга босқичма-босқич интеграция қилинади.
Шунингдек, Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси этиб қайта номланди.
Инспекция 2023 йил 1 августдан сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига риоя этилиши ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларидан самарали фойдаланилиши бўйича ўтказиладиган текширувларни “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатдан ўтказмасдан амалга оширади.
Инспекция ер усти сувларидан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини ҳамда сув олиш тартибини бузиш ҳолатлари бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш, шунингдек, жисмоний шахсларга нисбатан маъмурий жазо қўллаши мумкин.
Истеъмолчиларга сув етказиб бериш босқичма-босқич давлат-хусусий шерикликка ўтказилади