ТОШКЕНТ, 20 июн — Sputnik. Ғарб давлатлари Киевнинг қарши ҳужуми мавзусини атайлаб медиа маконида “тарғиб қилишган”ининг мақсади — қурол-яроғ етказиб беришни оқлаш ва кўпчилиги Украинадан “чарчаган” НАТО давлатлари бирлигини таъминлаш эди, маълум қилди Россия Ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкин.
“Ғарбликлар учун Украинанинг бўлажак қарши ҳужуми мавзусини жаҳон ахборот маконида тарғиб қилиш муҳим эди. Унга ҳаддан ташқари берилган аҳамият — жанг олдидан руҳий ҳужумнинг ўзига хос элементидир. Бундан ташқари, бу мавзуни доимий равишда бўрттириб кўрсатиш Евро-Атлантика тоталитар либерал элитасига Киевга қурол етказиб беришни оқлаш ва аксарияти Украина ҳамда унинг президентидан анча чарчаган НАТО мамлакатлари бирлигини таъминлаш имконини берди”, — деди Наришкин.
Унинг сўзларига кўра, “кулуарлар”да кўплаб ғарблик таҳлилчилар Украина авантюраси муваффақиятига жиддий шубҳа қилишмоқда ва Киев эълон қилган мақсадларга “эришиб бўлмайди” деб баҳоламоқда.
Аввалроқ Россия Украинага қурол етказиб берилгани учун НАТО давлатларига нота юборган эди. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина учун қурол бўлган ҳар қандай юк Россия учун қонуний нишонга айланишини таъкидлади. Россия Ташқи ишлар вазирлиги НАТО давлатлари Украинага қурол етказиб бериш орқали “олов билан ўйнашмоқда”, деб таъкидлади. Кремлнинг таъкидлашича, Украинани Ғарбдан қурол-яроғ билан таъминлаш Россия-Украина музокараларининг муваффақиятига ҳисса қўшмайди ва салбий таъсир кўрсатади.