ТОШКЕНТ, 20 июн — Sputnik. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида давлат байроғидан фойдаланиш бўйича қонунга қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилди. Бу ҳақда қуйи палата ахборот хизмати хабар берди.
Давлат байроғидан спорт мусобақаларида, оммавий жисмоний тарбия тадбирларида, маданий ва ўзга оммавий тадбирларда, оилавий байрамларда, хотиравий саналарни байрам қилишда ҳамда бошқа ҳолларда ҳам фойдаланишга рухсат бериш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, давлат рамзига зарур ҳурмат билан муомала қилган ҳолда ундан ва унинг тасвири туширилган белгилардан жамоат жойлари ва биноларда, яшаш ёки иш жойларида ҳамда уларга туташ бўлган ҳудудларда, транспорт воситаларининг салонида фойдаланиш мумкинлиги белгиланмоқда.
Депутатлар лойиҳада давлат органларининг рамзларида (байроқ, геральдик белги) ва уларнинг расмий веб-сайтларида давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан фойдаланишга ҳуқуқий асос ўрнатишни таклиф қилган. Давлат байроғи тасвирини устки кийимга безатиш мақсадида акс эттириш имкониятини яратиш назарда тутилган.
Давлат байроғи ва унинг тасвири туширилган белгилардан қуйидаги ҳолларда — Ўзбекистон Республикаси вакили бўлган жисмоний ва юридик шахслар томонидан расмий халқаро тадбирларда фойдаланишда, ҳарбий ёки бошқа давлат хизматида бўлган шахслар томонидан кийим-кечак ва фарқловчи нишонларда қўллашда ҳамда халқаро спорт мусобақалари ҳамда Ўзбекистон чемпионатлари учун спорт кийимларини тайёрлашда фойдаланишга рухсат бериш белгиланмоқда.
Шу билан бирга, давлат байроғига нисбатан ҳурматсизлик билан муносабатда бўлинишига йўл қўйилмайдиган ҳоллар аниқ белгилаб берилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Давлат байроғи тўғрисида”ги Ўзбекистон қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилгани хабар қилинган эди.