ТОШКЕНТ, 19 июн — Sputnik. Пекиндаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) котибиятида Ўзбекистон конституциявий ислоҳотлари ҳамда жорий йил 9 июль куни ўтказиладиган Ўзбекистон республикаси президенти сайловига бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар бермоқда.
Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси маълумотига кўра, унда Олий Maжлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов асосий маъруза билан қатнашди.
Брифингда ШҲТга аъзо бўлган ва кузатувчи давлатлар ҳамда мулоқот бўйича шерик мамлакатлар вакиллари иштирок этди.
ШҲТ Бош котиби ўринбосари Нуран Ниязалиев сўнгги йиллар давомида Ўзбекистонда жамият ҳаётининг барча соҳаларида жадал ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Нуран Ниязалиев 9 июль куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон президенти сайлови юксак даражада ўтишига ишонч билдирди. Котибият раҳбарияти ушбу сиёсий тадбирда халқаро кузатувчилар сифатида анъанавий равишда фаол иштирок этишни режалаштирмоқда.
Акмал Саидов Ўзбекистонда ўтказилган конституциявий ислоҳотларнинг асосий натижалари ва уларнинг Янги Ўзбекистон барпо этилишидаги ўрни билан тадбир иштирокчиларини яқиндан таништирди.